Фарғонада салкам 38 млн сўмлик тиббий восита ва техникаларни Ўзбекистонга яширинча олиб кирмоқчи бўлган эркак аниқланди
Фарғона вилоятидаги «Фарғона» божхона постида салкам 37,3 миллион сўмлик тиббий техника ва воситаларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган эркак аниқланди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, «Фарғона» чегара божхона пости ходимларига пост орқали Қирғизистондан Ўзбекистонга ҳаракатланаётган фуқаро У.С. бошқарувидаги «Damas» русумли автомашинада олма товарлари борлигини маълум қилган.
Шундан сўнг автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, автомашина салонида ҳужжатларда кўрсатилмаган ва қоғоз қутиларга жойланган, қиймати 37,3 миллион сўмлик 4 дона тиббий техника ва 707 дона тиббий восита борлиги аниқланган.
«Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.
Бундан аввал Фарғонада қиймати 117 миллион сўмдан ортиқ сифатсиз дориларни Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлганлар аниқлангани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Тошкент шаҳрига 5 миллиард сўмлик импорт маҳсулотини ноқонуний олиб кираётган жиноий гуруҳ қўлга тушгани маълум қилинганди.