Андижонда 46 минг доллар эвазига 10 сотих ерни олиб беришни ваъда қилган фирибгар ушланди
Андижонда ер участкасини ноқонуний равишда расмийлаштириб беришни ваъда қилган фирибгар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура департаменти матбуот хизмати хабар беради.
Аниқланишича, фуқаро З.К. фуқаро А.А.нинг ишончига кириб, бошқа бир фуқаро Д.Э.га Андижон шаҳри, ёшлар кичик саноат зонасида ишлаб чиқариш фаолияти учун ажратилган 10 сотих ер майдонини 46 000 АҚШ доллари эвазига танишлари ёрдамида унинг номига расмийлаштириб беришини айтган.
Оқибатда фирибгар, олдиндан 25 000 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.