Газли шаҳар касалхонаси тиббиёт ходимлари пулини ололмаётгани ҳақидаги хабар рад этилди. Беморлар ўзи акс этган видео тарқалганидан норози
Бухоро вилояти Ромитан тумани Газли шаҳар касалхонаси кичик тиббий ходимаси тарқатган видеога туман Коронавирусга қарши кураш штаб аъзоси, кичик тиббий ходим ва касалхона бош врачи муовини муносабат билдирди.
Бухоро вилояти Ромитан тумани Газли шаҳар касалхонаси кичик тиббий ходимаси Саидаъзамхонова Нигина касалхона беморларини тасвирга олиб, уларни гўёки коронавирусга чалинганлиги ва ушбу беморларга қараганлиги учун унга мукофот пуллари берилмаганлигини иддао қилиб, ижтимоий тармоқларда видео тарқатди. Маълум бўлишича, Нигина тарқатган видеоларда беморларнинг юзи беркитилмаган. Шу туфайли беморлар унинг қилмишидан норози бўлиб, уларнинг рухсатисиз видео тарқатмаслиги кераклигини таъкидлаган.
Газли шаҳар касалхонаси кичик тиббий ходими Урқия Бердимуродованинг айтишича, касалхонада керакли шароитлар яратилган.
«Аммо айри ишлашни истамаган тиббиёт ходимлари ёлғон маълумот асосида ҳар хил видеороликлар тайёрлаб, тарқатиб келяпти. Бу орқали тиббиёт соҳасини ёмонотлиқ қилиб ўтирганлар, афсуски, орамизда бор», — дейди у.
Ромитан тумани Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Бахтиёр Сайфиевнинг маълум қилишича, Газли шаҳар касалхонаси провизор госпиталга айлантирилган ва у ерда коронавирусга гумон қилинган ҳамда беморлар билан алоқада бўлган шахслар келтирилиб, даволанади. Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 29 мартдаги фармонига асосан, провизор госпиталда ишлайдиган тиббиёт ходимларига 6 фоизли тўловлар тўлаб берилган.
Шунингдек, касалхона бош врачи муовини Элёр Чўллиев ҳам Нигина Саидазамхонованинг иддаоларнинг асоссиз эканини тасдиқлади.
«Газли шаҳар касалхонаси провизор мақомини олган. Шунинг учун бу ерга жалб қилинган тиббиёт ходимларига Президент қарорида кўрсатилган 6 фоизлик устама тўлаб берилган. Шундан келиб чиқиб видеоролик жойлаштирган ходимнинг иддаолари асоссиз деб топилди», — дейди бош врач муовини.
Аввалроқ Ўзбекистонда тиббиёт ходимларига 336,3 миллиард сўм қўшимча рағбатлантириш пуллари тўлаб берилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Тошкентда 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти тикланиб, ходимларнинг пуллари тўлаб берилгани маълум қилинган эди.