Ғиждувонда фуқаронинг уйидан қарийб 90 млн сўм ўғирлаган шахс ушланди

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида фуқаронинг уйидан қарийб 90 миллион сўм ўғирлаган шахс ушланди. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 20 август куни соат 03:00 дан соат 08:00 гача бўлган вақт оралиғида номаьлум шахс 40 ёшли А.Х.нинг уйига ғайриқонуний равишда кирган. Ётоқхонасидаги сандиқ ичидан 87 миллион 150 минг сўм пулини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси хузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди (Кўп миқдорда содир этилган ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни муқаддам ўғрилик қилганлиги учун судланган 24 ёшли А.А. содир этгани аниқланган. Тергов жараёнида жабрланувчи А.Х.нинг жияни, 17 ёшли М.А. қариндошининг уйида кўп миқдорда пул борлиги тўғрисида А.А.га хабар берганлгини аниқланган. А.А.дан ашёвий далил тариқасида 44 миллион 913 минг сўм пул ҳужжатлаштириб олинган.

Жиноят иши бўйича А.А. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Самарқандда сейфни бузиб, 50 миллион сўмдан ортиқ пулни ўғирлаб кетган шахс ва фуқаронинг уйидаги сандиқдан 28 миллион сўмдан ортиқ пул ўғирлаган шахслар қўлга олингани хабар қилинган эди.

Шунингдек, Вобкентда 306 миллион сўмлик кислород ишлаб чиқариш ускунасини ўғирлаган шахс қўлга олинган.

Янгиликлар