Хайрулло Бозоров Уйчи туманидаги янги ғўза навлари синови билан танишди (фото)

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Уйчи туманида пахта селекцияси уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти тасарруфидаги Наманган илмий тажриба станциясининг «Қизилравот» бўлими лаборатория майдонида бўлиб, янги ғўза навларининг синовини кўздан кечирди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Элита уруғчилик лабораторияси мудири Муҳаммаджон Қипчоқовнинг билдиришича, айни пайтда 49 гектар ер майдонининг 5,7 гектарида беш хил турдаги янги ғўза нави устида илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, ғўзанинг «С 8295» нави эртапишарлиги, экспортбоп юқори ҳосилдорлиги туфайли ўтган йили 48 та фермер хўжалигининг 1880 гектар майдонига экилганида ҳосилдорлик 39-43 центнердан бўлишига  эришилган. Шунингдек, касаллик ва зараркунандаларга чидамли ҳисобланган мазкур нав 2020 йилда 78 та фермер хўжалигининг 2880 гектар майдонида парваришланмоқда. Туман бўйича ушбу нав қарийб 51 фоизни ташкил қилади.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Бундан ташқари, саноатбоп, тола миқдори сифатли бўлган «С 8295» нави туманнинг 5 та фермер хўжалигига қарашли 210 гектар майдонида ўсмоқда. Бир вақтнинг ўзида бу навнинг синов-тадқиқот ишлари ҳам ўтказилмоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, 14 гектар майдонда гектарига ўртача 79 минг кўчатдан иборат «С 8295» нави ҳар бир тупида 11,2 донадан бўлиқ кўсак ва 6-7 донадан ҳосил тугунчалари мавжуд.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Мутахассислар фикрича, ҳозирги кунда ҳосилнинг чўғи гектарига 40-42 центнердан бўлиши кутилмоқда. Ушбу нав ҳам юқори ҳосилдорлик, саноатбоплиги боис келгуси йилда 300 гектар майдонда экиш тадориги кўрилмоқда, дейилади хабарда.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Вилоятимизнинг географик жойлашуви, тупроқ-иқлими, сув билан таъминланганлиги, иқлим ва об-ҳавога мақбул бўлган мос навларни танлаб олишимиз, шунингдек, деҳқон ва фермерларнинг билим, кўникмалари ҳамда бошқа омилларни эътиборга олган ҳолда татбиқ этиб, фермер хўжаликлари ерларига  оқилона жойлаштириш тақозо этилади», — дейди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.

Аввалроқ Хайрулло Бозоров Чустдаги пахта майдонлари ҳолатини танқид қилгани, Жондор туманида пахта далаларидаги ишларни ўрганиш жараёнида қатор камчиликлар аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар