Ҳарбий хизматга саралаш мезонлари белгиланди

Ҳукуматнинг 2025 йил 7 июлдаги 413-сонли қарорига мувофиқ, «Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Янги низомга кўра, чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тартиби белгиланмоқда.

Унга кўра, чақирилувчилар танловда бир йилда фақат бир марта иштирок этишлари мумкин. Танлов ҳар йили 10 августдан бошлаб, кейинги йилнинг 10 февралига қадар бўлиб ўтади.

Танлов давомида чақирилувчилар билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқиши, аввал содир этган ҳуқуқбузарликлари, судланганлик ҳолати, соғлиги, билим даражаси, оилавий шароити ва бошқа муҳим жиҳатлар аниқлаштирилади.

Шунингдек, чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражаси қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

• турникда тортилиш,

• 100 метрга югуриш,

• 3 минг метрга югуриш.

Танлов якунида ҳар бир чақирилувчи бўйича тавсия этиш ёки тавсия этмаслик тўғрисида тегишли хулоса чиқарилади.

Янгиликлар