МТВ Тошкентда боғча тарбиячилари маҳаллада уйма-уй юриб анкета тўлдираётгани ҳақидаги хабар бўйича маълумот берди

АОКАда 5 ноябрь, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева Тошкентда боғча тарбиячилари маҳаллада уйма-уй юриб анкета тўлдираётгани ҳақидаги хабар бўйича маълумот берди. Бу ҳақда брифингда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, аҳоли томонидан «Тошкент шаҳар Олмазор тумани МТТларида тарбиячилар маҳаллада уйма-уй юриб анкета тўлдирмоқдалар. Шу ишни маҳалла оқсоқоли ва МТТ деректори тарбиячиларга юклатяпти, шу тўғрими?» мазмунидаги савол келиб тушган.

Таъкидланишича, Меҳнат кодексининг 7-моддасига асосан мажбурий меҳнат тақиқланган. Унга кўра мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш мумкин эмас. Шунингдек, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка олиб келади.

«Тошкент шаҳар Олмазор туман мактабгача таълим бўлими, туман тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг маҳалла жамоат ишларига жалб килинмаганлигини маълум қилади», — дейди вазирлик матбуот котиби.

Аввалроқ мазкур брифингда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева боғча тарбиячиларининг маоши ҳақида маълумот бергани ҳақида хабар қилинган. Шунингдек, у Учқўрғондаги боғчага олиб келинган кўмирнинг ярмидан кўпи тош билан брикет эканлиги ҳақидаги хабар бўйича маълумот берган.

Янгиликлар