Испаниядаги қабрлардан бирида 5000 йиллик ханжар топилди — фото
Испаниянинг Севилия шаҳридаги қадимий қабрлардан бирида археологлар милоддан аввалги 3000 йилга оид тош кристалидан ясалган ханжар топди. Бу ҳақда «ZME Science» нашри хабар берди.
Узунлиги тахминан 22 сантиметр бўлган ханжар 2007–2010 йилларда қазилган Монтелирио мақбарасидан топилган. Ханжарнинг дастаси ва ғилофи фил суягидан қилинган. Ханжарнинг ёнидан кафанлар, шунингдек, безаклар билан дафн этилган 25 та мурда ҳам топилган.
Олимларнинг фикрига кўра, аксарият ҳолларда одамлар тошдан пичоқ ва ханжар ясаган, шунинг учун топилган буюм, айниқса, қимматли ҳисобланади.
«Қадимги даврларда тош кристаллари ҳаётийликни, аждодлар билан алоқани англатади. Улар маросимлар учун ишлатилган», дейилади хабарда.
Аввалроқ Мисрда «Марҳумлар китоби» парчалари ва юзлаб ёғоч тобутлар топилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Индонезиядаги ғордан тошга чизилган 45 минг йиллик расм топилгани ҳақида хабар берилган. Илгари маълум бўлган энг қадимги ғор расмлари Сулавесида ҳам топилган. Унда ов жараёнида ярим одам, ярим ҳайвонлар шакллари тасвирланган. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бу тахминан 44 минг йил олдинги расм ҳисобланади.