Йилнинг биринчи ярмида 15 мингга яқин ноқонуний чиқинди ташлаш ҳолати аниқланди

2025 йилнинг биринчи ярмида ноқонуний чиқинди ташлаш билан боғлиқ 15 мингга яқин ҳуқуқбузарлик аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.

Маълум қилинишича, Вазиятлар маркази томонидан ўрнатилган 250 та онлайн кузатув камералари орқали республика бўйлаб чиқиндиларни рухсат этилмаган ҳудудларга ташлаш билан боғлиқ 5 215 та ҳолат аниқланган. Бошқа назорат механизмлари орқали қайд этилган ҳолатлар билан бирга жами 14 728 та ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Энг кўп ҳолатлар Наманган вилоятида (1 563 та), Андижон вилоятида (1 443 та) ва Фарғона вилоятида (1 163 та) қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91-моддасига мувофиқ, мазкур ҳуқуқбузарликлар учун умумий миқдори 7,9 млрд сўм миқдорида жарималар белгиланган бўлиб, ҳозиргача 3,3 млрд сўми ундирилган.

Вазирлик чиқиндиларни фақат белгиланган жойларга ташлаш ва экологик хавфсизликка риоя этиш зарурлигини эслатиб ўтди.

Ўзбекистон