Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 14 октябрнинг асосий хабарлари

«Worldometers» берган маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 38,5 миллиондан ошди.

«Worldometers»нинг 14 октябрь, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:

  •  дунё бўйича инфекция билан касалланганлар — 38 598 588 киши;
  • касалликдан тузалганлар — 29 006 577 киши;
  • инфекция оқибатида вафот этганлар — 1 094 040 кишини ташкил этади.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда 14 октябрь соат 23:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 62 055 тани ташкил этмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Мамлакатда 14 октябрь куни 317 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Кунлик касалланиш ҳолатларининг 181 таси Тошкент шаҳрида, 79 таси Тошкент вилоятида, 16 таси Наманган вилоятида, 11 таси Сирдарё вилоятида, 11 таси Қорақалпоғистонда, 8 таси Қашқадарё вилоятида, 6 таси Самарқанд вилоятида ҳамда 5 таси Хоразм вилоятида қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 514 нафарга етган. 14 октябрь куни 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.

Кун давомида Тошкент вилоятида 59 нафар, Тошкент шаҳрида 195 нафар, Наманган вилоятида 31 нафар, Сирдарё вилоятида 16 нафар, Қорақалпоғистонда 11 нафар, Фарғона вилоятида 8 нафар, Қашқадарё вилоятида 7 нафар, Хоразм вилоятида 5 нафар, жами 332 нафар бемор соғайган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 62 055 нафар бемордан 59 095 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2446 нафар бемордан 317 нафари оғир, 102 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 13 октябрь куни 313 кишида коронавирус аниқлангани ва 2 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Жаҳондаги вазият

АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 8 109 182 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларда Ҳиндистон (7,3 миллион киши), Бразилия (5,1 миллион киши), Россия (1,3 миллион киши), Испания (937 минг киши) бормоқда. Дунё бўйича эса коронавирус билан 38,5 миллиондан ортиқ киши касалланган.

Қозоғистонда 14 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 108 984 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда биринчи бўлиб турибди. Беморларнинг 104 346 нафари тўлиқ соғайган, 1746 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 83 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Фото: «Kazakh TV»

Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 35 234 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 27 978 нафари тузалган, 373 нафари вафот этган.

Қирғизистонда 14 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 50 201 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 44 884 нафари соғайиб, 1094 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 4223 киши коронавирусдан даволанмоқда. Сўнгги сутка давомида ушбу касалликка чалинган 172 бемор соғайган.

Фото: «Kloop»

Тожикистонда 14 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 10 336 тани ташкил қилмоқда. Беморларнинг 9245 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 79 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 39 тага кўпайган.

Фото: «Asia-Plus»

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.

Россияда 14 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 340 409 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 1 039 705 нафари соғайган, 23 205 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 14 231 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 239 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Фото: «AA»

Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 38,2 миллиондан ошгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар