Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 22 октябрнинг асосий хабарлари

«Worldometers» берган маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 42 миллионга яқинлашди.

«Worldometers»нинг 22 октябрь, пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:

  • дунё бўйича инфекция билан касалланганлар 41 829 115 киши;
  • касалликдан тузалганлар 31 060 406 киши;
  • инфекция оқибатида вафот этганлар 1 140 017 кишини ташкил этади.

Шунингдек, сўнгги сутка давомида дунё бўйлаб 342 191 та касалланиш ҳамда 4319 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда 22 октябрь соат 23:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 64 518 тани ташкил этмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Мамлакатда 22 октябрь куни 302 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Кунлик касалланиш ҳолатларининг 112 таси Тошкент шаҳрида, 73 таси Тошкент вилоятида, 23 таси Наманган вилоятида, 15 таси Сирдарё вилоятида, 15 таси Фарғона вилоятида, 12 таси Андижон вилоятида, 11 таси Андижон вилоятида, 11 таси Жиззах вилоятида, 7 таси Қорақалпоғистонда, 7 таси Қашқадарё вилоятида, 6 таси Навоий вилоятида, 5 таси Самарқанд вилоятида ҳамда 5 таси Сурхондарё вилоятида қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 540 нафарга етган. 22 октябрь куни 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.

Кун давомида Тошкент шаҳрида 128 нафар, Тошкент вилоятида 76 нафар, Андижон вилоятида 22 нафар, Наманган вилоятида 21 нафар, Сирдарё вилоятида 16 нафар, Самарқанд вилоятида 14 нафар, Жиззах вилоятида 13 нафар, Қорақалпоғистонда 8 нафар, Сурхондарё вилоятида 5 нафар, Қашқадарё вилоятида 4 нафар, Навоий вилоятида 2 нафар, Фарғона вилоятида 2 нафар, жами 311 нафар бемор соғайган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 64 518 нафар бемордан 61 734 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2244 нафар бемордан 287 нафари оғир, 78 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 21 октябрь куни 304 кишида коронавирус аниқлангани ва 2 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Жаҳондаги вазият

АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 8 614 116 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларда Ҳиндистон (7,7 миллион киши), Бразилия (5,3 миллион киши), Россия (1,4 миллион киши), Испания (1 миллион киши) бормоқда. Дунё бўйича эса коронавирус билан 41,8 миллиондан ортиқ киши касалланган.

Қозоғистонда 22 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 109 907 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда биринчи бўлиб турибди. Беморларнинг 105 385 нафари тўлиқ соғайган, 1796 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 141 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Фото: «Kazakh TV»

Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 36 381 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 28 363 нафари тузалган, 390 нафари вафот этган.

Қирғизистонда 22 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 54 006 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 46 726 нафари соғайиб, 1122 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 6158 киши коронавирусдан даволанмоқда. Сўнгги сутка давомида ушбу касалликка чалинган 282 бемор соғайган.

Фото: «Kloop»

Тожикистонда 22 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 10 653 тани ташкил қилмоқда. Беморларнинг 9724 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 81 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 40 тага кўпайган.

Фото: «Asia-Plus»

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.

Россияда 22 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра коронавирус билан касалланганлар сони 1 463 306 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 1 107 988 нафари соғайган, 25 242 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 15 971 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 290 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Фото: «Intellinews»

Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 41,3 миллиондан ошгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар