Марғилонда «Соғлом ҳаёт сари 5 минг қадам» шиори остида юриш марафони ўтказилди
Фарғона вилояти Марғилон шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 5 октябрь куни «Соғлом ҳаёт сари 5 минг қадам» шиори остида оммавий юриш марафони ташкил этилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Хабарга кўра, марафонда беш мингдан зиёд кўнгилли иштирокчи карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда «Ижодкорлар боғи» майдонидан «Атласчи» ўйингоҳигача бўлган масофани пиёда босиб ўтган. Шундан сўнг ўйингоҳда эрталабки бадантарбия машғулотлари бажарилган.
Шунингдек, тадбир давомида кўнгилли нуроний отахонлар иштирокида шахмат ва шашка мусобоқалари ҳам ўтказилган.
Аввалроқ Бухорода вилоят ҳокими иштирокида югуриш марафони ўтказилгани, Когон шаҳрида ўтказилган юриш марафонида мингга яқин иштирокчи қатнашгани хабар қилинган эди.