Бухорода вилоят ҳокими иштирокида югуриш марафони ўтказилди (фото)
Бухоро вилоятида 1 октябрь, пайшанба куни эрта тонгда вилоят ҳокими иштирокида югуриш марафони ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, марафон аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллигини ошириш, улар орасида касалланиш даражасини камайтириш мақсадида «Соғлом ҳаёт сари қадам» акцияси доирасида ташкил этилган.
Маълум қилинишича, унда вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров бошчилигида секторлар раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, Бухоро шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, давлат органлари ва ташкилотлари, ўқув муассасалари раҳбар-ходимлари, ҳарбийлар ва аҳоли вакиллари иштирок этган.
«Вазирлар Маҳкамасининг 10 июлдаги қарори билан тасдиқланган ‘Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳолатларнинг мамлакат туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси’нинг 81-бандида фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини ташкил этиш, касалланиш даражасини, шу жумладан, юрак хасталигини камайтириш, аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида «Соғлом ҳаёт сари қадам» лойиҳасини амалга ошириш белгиланган. Шунга кўра, вилоятда жорий йилнинг 1—10 октябрь кунлари ‘Соғлом ҳаёт сари қадам’ шиори остида ўн кунлик оммавий спорт тадбирлари ўтказилиши кўзда тутилган», — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров.
Қайд этилишича, марафон финиш чизиғига етиб келган фуқаролар учун Aбу Aли ибн Сино номидаги фавворалар майдонида тонгги бандантарбия машғулотлари дастури ҳам ташкил этилган.
Мавзуга доир: Самарқандда ярим марафон хайрия мусобақаси ўтказилади
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода ўтказилган пиёда юриш марафонида 100 дан ортиқ киши қатнашгани, Ўзбекистонда 4600 километрлик Тошкент—Термиз—Орол автомарафони ўтказилиши хабар қилинган эди.