Наманган шаҳрида йил сўнгига қадар 43 млрд сўмлик 18 та лойиҳа амалга оширилади

Наманган вилояти Наманган шаҳри Давлатобод туманида «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида 2020 йил сўнгига қадар 43 миллиард сўмлик 18 та лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев фармони билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га асосан Давлатободнинг таълим, ер ресурслари, маҳалла, ижтимоий соҳа, туризм, ободонлаштириш, коммунал соҳа, савдо ҳамда давлат бошқаруви органлари фаолияти тўла рақамлаштирилади. Ушбу ишлар учун маҳаллий бюджетдан 4,5 миллиард, ижрочилар маблағларидан 38,8 миллиард сўм йўналтирилган.

Шунингдек, тумандаги мавжуд меҳмонхоналарда «E-Mehmon» ахборот тизимини жорий этилган. Телекоммуникация инфратузилмаси ва мобиль алоқа тармоқларини ривожлантириш бўйича амалий ишлар давом этаётгани қайд этилган.

Қайд этилишича, «Афсоналар водийси» кўнгилочар боғи мижозларига хизмат кўрсатиш жараёнларини автоматлаштириш бўйича ахборот тизимини жорий этиш ишлари тез орада якунланади.

Бундан ташқари, 2020 йил охирига қадар электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг ҳамда ташқи ёритиш чироқларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиши белгиланган. Шунингдек, 19 та умумтаълим мактаб, 9 та мактагача таълим ва 10 та соғлиқни сақлаш муассасаларига оптик толали алоқа линиялари тортиш ишлари тўла якунланиши режалаштирилган ҳамда 24 та мактабгача таълим муассасаларида «Болалар боғчаси» намунавий ахборот тизимини жорий этилади.

Таъкидланишича, «Орзу» маҳалласида «Обод ва хавфсиз маҳалла» лойиҳаси амалга оширилади.

Туманда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, мутахассисларни ўргатиш ва ўқитиш билан боғлиқ лойиҳа тадбирлари кўзда тутувчи «Рақамли технологияларга ўқитиш» ҳудудий ўқув маркази ташкил этилади. Натижада ҳар бир соҳа бўйича ахборот тизими жорий этилади.

Маълумот учун, Давлатобод туманини рақамлаштириш кўлами қолган барча вилоятлар транформация лойиҳалари ҳажмидан катта ҳамда туман Наманган шаҳри таркибида янги ташкил этилган бўлиб, мамлакатдаги биринчи «ақлли» туманга айлантирилиши режалаштирилган.

Аввалроқ Учкўприкда 2020 йил охиригача 252 миллиард сўмлик 30 та лойиҳа амалга оширилиши ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Қўшработда қиймати 105 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 29 та саноат корхона ташкил этилиши ва Когонда салкам 22 миллиард сўмлик лойиҳалар асосида 225 та иш ўрни яратилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар