Наманган туманида «Cobalt» ҳайдовчиси 4 ёшли болани уриб юборди

Наманган вилояти Наманган туманида 28 сентябрь куни «Cobalt» ҳайдовчиси 4 ёшли болани уриб юбориши оқибатида бола шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, воқеа 28 cентябрь куни соат 19:30 ларда Наманган—Мингбулоқ йўлининг 1 километрида содир бўлган. Маълум қилинишича, Наманган тумани «Равнақ» МФЙ ҳудудида, Норин туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро «Cobalt» русумли автомашинасини ҳайдаб кетаётган вақтда, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.

Таъкидланишича, жабрланувчи Наманган туманида ота-онаси қарамоғида яшовчи, 2016 йилда туғилган бола бўлган. Ушбу йўл транспорт ҳодисаси оқибатида бола бош мия оғир очиқ шикасти ташхиси билан тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 8 октябрь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Пахтачида «Isuzu» ва «Lacetti» иштирокидаги ЙТҲ оқибатида 2 киши ҳалок бўлгани, Норин туманида «Nexia» дарахтга бориб урилиши оқибатида ҳайдовчи шифохонада вафот этгани, Фарғона шаҳрида «Matiz» йўл четидаги бетонга урилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар