Наманганда безорилар устидан ИИБга бир неча бор шикоят қилган эркакнинг руҳий носоғлом эканлиги маълум бўлди

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси Telegram’даги «Hookreport» канали орқали намойиш этилган видеомурожаат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, Наманган шаҳрида яшовчи 1950 йилда туғилган фуқаро 2012 йил 18 февраль куни Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Унда 2012 йил 17 февраль куни соат 20:30 атрофида 3-кичик туман ҳудудидаги Наманган вилоят Ҳалқ таълими бошқармаси биноси олдида номаълум шахслар орқасидан келиб, ҳеч бир сабабсиз уриб, соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати етказганлигини баён қилиб, ушбу номаълум шахсларни аниқлаб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Хабарда айтилишича, жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, фуқаро айни бир ҳолат бўйича давомли равишда аризалар билан мурожаат қилаётганлиги ҳамда сўроқ жараёнларида унинг руҳий ҳолатига шубҳа пайдо бўлганлиги сабабли унга нисбатан 2019 йил 14 февралда амбулатор тартибда судга оид психиатрия экспертизаси тайинланган.

Суд-психиатрия экспертизасининг 2019 йил 16 февралдаги хулосасига кўра, фуқаро ҳозирги вақтда ҳамда унга нисбатан жиноят содир этилган вақтида руҳий носоғлом бўлиб, дастлабки тергов ва суд давомида тўғри кўрсатма беришга қодир эмаслиги, рухий касаллиги ва мажбурий тиббий даволанишига муҳтожлиги аниқланган. Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасининг қайд этишича, тергов якунига кўра жиноят иши 2019 йил 29 февралда Жиноят процессуал кодексининг 84-моддаси (Озодликни чеклаш) 1-қисми 1-бандига асосан тугатилган.

Аввалроқ Жанубий Фарғона каналига нефтни қайта ишлаш заводи чиқинди сувлари оқизилаётганлиги тўғрисидаги хабар рад этилгани, Тўрткўлда Ички ишлар бўлимида комага тушиб, вафот этган йигит иши юзасидан расмий муносабат билдирилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар