Наманганда профилактика инспекторлари учун сайёр ўқув йиғини ўтказилди (фото)
Наманган вилоятида 3 сентябрь, пайшанба куни Ички ишлар вазирлиги малака ошириш институтининг профессор ўқитувчилари томонидан вилоятдаги профилактика инспекторлари учун сайёр ўқув йиғини ўтказилди. Бу ҳақда Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, ташкил этилган ўқув семинари давомида давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий хужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар орасида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, бахс мунозаралар билан ўтган семинар давомида профилактика инспекторлари ҳам фаолиятлари давомида учрайдиган муаммо ва камчиликлар борасида ўзларини қизиқтириб келган саволларга жавоб олган.
Аввалроқ Янгиқўрғонда фуқароларга қўпол муносабатда бўлган профилактика инспекторига ҳайфсан берилгани ва Қувасойда профилактика инспекторлари 10 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирлангани ҳақида хабар берилганди.