Янгиқўрғонда фуқароларга қўпол муносабатда бўлган профилактика инспекторига ҳайфсан берилди

Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани «Оқтом» МФЙ профилактика инспектори устидан шикоят қилинган видео юзасидан инспекторга нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, у фуқароларнинг мурожаатларини оғир ва босиқ ҳолда тингламаган, ҳар бир фуқарога ёрдам кўрсатиб, аҳолида ички ишлар органи фаолияти тўғрисида ижобий фикрни шакллантириш юзасидан етарли иш ташкил этмаган, шунингдек, мурожаат эгасига нисбатан хизмат интизомини бузган ҳолда муомала қилган.

Қайд этилишича, Янгиқўрғон тумани ИИБ 10-сонли ички ишлар бўлинмаси, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи, таянч пунктлари профилактика катта инспектори хатти-ҳаракатлари учун унга нисбатан «Ички ишлар органларининг интизом устави»нинг 46-банди 3-хатбошисига асосан ҳайфсан интизомий жазоси берилди.

Эслатиб ўтамиз Уйчи тумани мутасаддилари билан карантинда зиёфатда ўтирган ИИБ ходимига ҳайфсан берилгани ҳамда бош вазир Aбдулла Aрипов видеоселекторда Раҳмат Маматов, Aзизбек Икромов ва Ботир Парпиевга ҳайфсан бергани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар