Намангандаги AГТШлар 12 соатлик иш режимига ўтгани маълум қилинди
Наманган вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари 8 ноябрь, якшанба кунидан 12 соатлик иш режимига ўтган. Бу ҳақда «Daryo» хабар берди.
Таъкидланишича, чекловлар 8 ноябрдан кучга кирган ва автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларига ҳар куни соат 18:00 дан тонгги соат 6:00 гача газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилиши белгиланган.
«Водийда энг охири биз шундай чекловларни жорий қилдик. Энергетика вазирлиги томонидан киритилган тизим бўйича аҳоли ва ижтимоий соҳа обектларига куз-қиш мавсумида табиий газ етказиб беришни узлуксиз таъминлаш мақсадида шундай қилинди. Тўғри, автотранспортнинг деярли 90 фоизи газга ўтиб бўлди, турнақатор навбатлар юзага келяпти, лекин кунлар совиб кетганлиги учун биринчи галда аҳоли эҳтиёжини ҳисобга олишга мажбурмиз», — деди вилоят ҳокими ўринбосари Саидаҳмад Султонов журналистлар билан ўтказилган матбуот анжуманида.
Қайд этилишича, журналистларнинг бу чекловлар ортидан йўлкира нархлари ошиб кетиши борасидаги саволларига жавобан жамоат транспортида нархлар кўтарилмаслиги, турли уюшмаларга кирувчи йўловчи ташиш билан шуғулланувчи корхоналарда ҳам нарх-наво назоратга олиниши маълум қилинган.
Мазвуга доир: Наманганда санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган ёқилғи қуйиш станциялари фаолияти тўхтатилади
Aввалроқ Aндижондаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари 27 октябрдан соат 16:00 га қадар ишлаши белгилангани ҳақида хабар берилганди.