Наманганга 15 млрд сўмдан ортиқ маблағга 42 турдаги тиббий қурилма келтирилгани маълум қилинди

Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими, халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси Хайрулло Бозоров олиб борган сессияда 12 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида COVID-19 пандемияси туфайли мамлакатда жорий этилган карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш масаласи кўрилди.

Сессияда онлайн тартибида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева сўзга чиқди. У ўз чиқишида мамлакатда карантин билан боғлиқ аксарият талабларнинг юмшатилгани уларнинг бутунлай бекор қилинганини англатмаслигини таъкидлаб ўтди. Буни аҳолига етказишда сенаторлар ва депутатлар ташаббусни қўлга олиши зарурлиги билдирилди.

«Буни биринчи галда ўзлари вакил бўлган ҳудудда тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришдан бошлаганлари мақсадга мувофиқ. Уларга бу борада яқинда ташкил этилган Ёшлар парламенти аъзолари ҳам кўмак беради деган умиддамиз. Ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар, аҳолининг мурожаатлари эътиборимиздан четда қолмаслиги зарур. Бундай жиддий хавф туғилган пайтларда оилада оила бошлиғи, корхона-ташкилотларда эса раҳбар масъулиятни сезиши ва зиммасига олиши керак. Зеро, гап энг катта бойлик —инсон саломатлиги ва ҳаёти устида кетмоқда. Шу ўринда ўз жонини хатарга қўйиб, қасамёдига содиқ қолган ҳолда тиним билмай ишлаётган наманганлик шифокорларга ўз миннатдорлигимни билдираман», — деди Сенат раиси.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича белгиланган вазифаларнинг вилоятдаги ижроси юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминовнинг ҳисоботи тингланди. Шунингдек, вилоятда санитария талаблари ва карантин қоидаларига қатъий риоя этиш юзасидан аҳоли, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларига мурожаатнома муҳокама қилинди.

Ҳисоботда қайд этилишича, карантин тартиби юмшатилиши ва совуқ мавсум бошланиши муносабати билан пандемиянинг кучайиб кетиши эҳтимолига қарши барча эҳтиёт чоралари кўриб борилмоқда. Маҳаллий бюджет ҳисобидан тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси, дори-дармонлар захираси мустаҳкамланиб, шаҳар ва туманларда қўшимча жойлар тайёрлаб қўйилган.

Вилоятга 15 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига 42 турдаги мингдан ортиқ тиббий қурилма келтирилди. Улар орасида 95 та SIРАР қурилмаси, 90 та кислород концентратори, 15 та ИВЛ аппарати ва 5 та мобиль рентген-ташхис тизими бор. Махсус COVID-поликлиникалар, кунига 150-200 та мурожаатларни қабул қилаётган Сall-марказ, мобиль гуруҳлар ташкил этилди.

Мазкур ҳисобот ва мурожаат юзасидан депутатлар Баҳриддин Маҳмудов, Аброр Алижонов музокара учун сўзга чиқиб, кун тартибидаги мавзу юзасидан муносабат билдирди.

Сессияда Президентнинг 2017 йил 13 декабрдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ вилоят маҳаллий бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йиллиги ижроси якуни ҳам кўриб чиқилди.

Сессия кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Аввалроқ Бухорода Халқ депутатлари вилоят кенгашининг ўн иккинчи сессияси иш бошлагани ҳақида хабар берилганди. 

Янгиликлар