Олот туманида камбағалликни қисқартириш бўйича 155 та лойиҳа амалга оширилади (фото)

Бухоро вилояти Олот туманида 2020—2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича умумий қиймати 2 триллион 711 миллиард сўмлик 155 та лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда «ЎзA» хабар берди.

Фото: «ЎзA»

Таъкидланишича, Олот туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туманда бажарилиши режалаштирилаётган қурилиш ишлари ҳамда йирик лойиҳалар тақдимотига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган. Тадбирни вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров кириш сўзи билан очиб берди.

Фото: «ЎзA»

Президент ташаббуси билан Олот туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш орқали аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, фуқароларнинг яшаш тарзини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 21 сентябрдаги «2020—2022 йилларда Бухоро вилоятининг Олот туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Фото: «ЎзA»

Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 2020—2022 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича умумий қиймати 2 триллион 711 миллиард сўмлик 155 та лойиҳа амалга оширилади. Йиғилишда бу борада тегишли вазирлик ва идоралар, уларнинг ҳудудий ташкилотлари соҳалар бўйича белгилаб олинган вазифаларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажариши лозимлиги алоҳида айтиб ўтилган.

Фото: «ЎзA»

Йиғилишда уй-жойлар қуриш, туманда 2020 йил дастурига кирган ижтимоий соҳа объектларида амалга оширилаётган ишларни назоратга олиш, уларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, ирригация-мелиорация тармоқларини яхшилаш бўйича ҳам вазифалар белгилан.

Республика вазирлик ва идоралари мутасаддилардан иборат таркибдаги ишчи гуруҳ вакиллари туманга ташрифи доирасида ҳудуд иқтисодиётини янада ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Aввалроқ Бухорода эҳтиёжманд оилаларга 14,4 миллиард сўмлик моддий ёрдам берилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар