Бухорода 11 та мактаб масофавий таълимга ўтказилди
Бухоро вилоятидаги 11 та умумтаълим мактаби масофавий таълимга ўтказилди.
Хабарга кўра, Бухоро вилоятида халқ таълими тизими ходимларининг 6 нафарида, мактаб ўқувчиларининг 26 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган.
«Касаллик тарқалишининг олдини олиш ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳозирда улар фаолият юритаётган ва таҳсил олаётган 11 та умумтаълим мактабида анъанавий тарздаги фаолият тўхтатилди», — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафаева.
Таъкидланишича, вилоятдаги таълим муассасаларига 76 тонна антисептик, вилоят ҳокимлиги томонидан 50 минг дона, маҳаллий буджет ҳисобидан 29 минг 772 дона тиббий ниқоб, 3 минг 566 дона дозатор ва 1 минг 173 дона пирометр етказиб берилган.
Шунингдек, умумтаълим мактабларида касаллик келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида вилоятдаги умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган 37 минг 468 нафар ўқитувчи ва ишчи ходимларга 292 минг 992 дона гидроксихлорохин таблеткаси ҳамда 1 миллион 98 минг 720 дона Цинк микроэлементи мавжуд дори воситалари тарқатилди.
Аввалроқ, Тошкент вилоятида 14 та мактаб ва 15 та синф карантинга олинди деб хабар берган эдик.