«Ўрикзор» қурилиш бозори вақтинча ёпилди

Тошкентдаги «Ўрикзор» қурилиш бозори вақтинча ёпилди. Бу ҳақда Пойтахт Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси расмий изоҳ берди.

1 июль куни ижтимоий тармоқларда «Ўрикзор» бозори электр таъминоти ўчирилгани сабабли ёпилгани ҳақида маълумот тарқалган эди.

Маълум бўлишича, «Ўрикзор» қурилиш бозори 27 июнь кунидан Строй Город савдо павильонларида электр симларида кўплаб ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилгани аниқлангани сабабли ёпилган. «Ўрикзор» бозорини ёпиш тўғрисидаги қарорни 13 июнь куни Тошкент туманлараро иқтисодий суди қабул қилган. Савдо мажмуаси камчиликлар бартараф этилгандан сўнг ўз фаолиятини қайта бошлайди.

Шу билан бирга, Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси «Ўрикзор» бозорида авария натижасида электр таъминоти узилгани ҳақидаги маълумотни рад этди.

Бозор электр энергияси билан барқарор таъминланмоқда ва ишнинг тўхташи тадбиркорларнинг 1 июлдан бошлаб дуч келаётган ички муаммолари билан боғлиқ. Бунга бозор маъмурияти жавобгар, — дейилади хабарда.

 

Тошкент