Ўзбекистон билан Туркия қурилиш мутахассислигига эга мигрантларни иш билан таъминлаш тўғрисида келишувга эришди

Ўзбекистон Туркиянинг инновациoн қурилиш компанияси билан ўзбекистонлик талабалар ва қурилиш, меъморчилик мутахассислигига эга мигрантларни иш билан таъминлаш ҳақидаги келишувга эришди. Бу ҳақда «Дунё» хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Президентнинг «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизнинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Туркиянинг «Sigmа Muhendislik» компанияси вакиллари билан музокара ўтказган.

Таъкидланишича, музокарада Туркия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, шунингдек, меъморчилик ва қурилиш муҳандислиги соҳасида мутахассислиги бор меҳнат мигрантларини иш ўринлари билан таъминлаш тўғрисида келишувга эришилган. Туркия компанияси вакиллари юқоридаги йўналиш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлашни ташкил қилишга ҳам тайёр эканини билдирган.

«Шу муносабат билан Бош консулхона Туркияда бўлиб турган архитектура ва қурилиш бўйича маълумотга эга бўлган ватандошларимиз, жумладан, талабалардан консулхонанинг [email protected] электрон почта манзилига резюме ва ўзи ҳақида маълумот юборишни сўрайди», дейилади хабарда.

Мавзуга доир: Ўзбекистоннинг хорижда ишлаётган аҳолиси сони маълум бўлди

Aввалроқ Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг 378 минг доллар иш ҳақи ундириб берилгани ҳамда Шавкат Мирзиёев хорижда ишлаётган фуқароларга патент ва суғурта харажатлари учун 10 млн сўмгача кредитлар ажратиш ҳақида кўрсатма бергани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар