Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев Ўзбек миллий академик драма театри директори этиб тайинланди
Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев 29 октябрь куни Ўзбек Миллий академик драма театри директори этиб тайинланди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 29 октябрь куни театр жамоаси билан йиғилиш ўтказилди. Унда иштирок этган Ўзбекистон маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков Ёдгор Саъдиевни Ўзбек Миллий академик драма театри директори лавозимига тайинланганини эълон қилди.
Маълумот ўрнида, Ёдгор Саъдиев 1946 йил 12 июнда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1971 йилда Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 1968 йилдан ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрида ишлаган. Шунингдек, 1998 йилдан «Қалқон» студияси бадиий раҳбари лавозимида ишлаб келган.
Ёдгор Саъдиев кинода «Дилбарим»да Абдусалом, «Ўн уч терак кўчаси»да Олимжон, «Армон»да Дадабўри, «Енгилмас»да Шайх Жаъфар, 20 қисмли «Шайтанат»да Асадбек роли билан танилган. У «Шайтанат»нинг 7 дан 20 қисмигача режиссёрлик қилган.
Аввалроқ Коронавируснинг оғир формасини бошдан кечирган Фатҳулла Маъсудов вафот этгани ҳақида хабар берилганди.