Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ва сотиш ҚҚСдан озод қилиниши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан коронавирус пандемияси даврида аҳоли, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва истеъмол бозорида нархларнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида Солиқ кодексига қўшимчалар киритилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, янги қўшимчага асосан 2020 йил 15 октябрдан бошлаб 2021 йил 1 январгача муддатга Ўзбекистонга шакар ва шакар хом ашёсини олиб кириш, шунингдек уни реализация қилиш айланмалари қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилинади. Шунингдек, 2021 йил 1 июлгача муддатга Ўзбекистонга картошка, ўсимлик ёғи, гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти ва бошқалар), ҳайвонларни (қорамол ва парранда) тирик ҳолда ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни олиб кириш ҳамда реализация қилиш айланмалари қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилиш кўзда тутилган.

Депутатларининг таъкидлашича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши куз-қиш мавсумида картошка маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, мол, қўй ва парранда гўшти тақчиллигининг олдини олишга, ўз навбатида, ушбу даврда маҳсулотлар нархининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Аввалроқ Наманганда август—сентябрь ойларида тадбиркорларга салкам 15 миллиард сўм ортиқча ҚҚС суммаси қайтарилгани, Ургут аҳолисига куз-қиш мавсумида 20 минг тоннадан ортиқ кўмир арзонлаштирилган нархда сотилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар