Ўзбекистонда ҳафта давомида об-ҳаво ҳарорати паст бўлиши кутилмоқда
«Ўзгидромет» Ўзбекистонда ҳафта давомида кузатиладиган об-ҳаво маълумотларини тақдим этди. Унга кўра, ҳафта давомида об-ҳаво ҳарорати турлича бўлиши кутилмоқда.
Хабарга асосан, 10—11 ноябрь кунлари мамлакат ҳудуди совуқ ҳаво массалари таъсирида бўлади, қуруқ об-ҳаво кутилмоқда, ҳаво ҳарорати кечаси 0—5 даражагача пасаяди, кундузи ҳаво 13—18 даражагача исийди.
Шунингдек, 12 ноябрь куни об-ҳаво яна ўзгаради. Волга бўйидан совуқ антициклон яна республикага кириб келади. Ўзбекистон ҳудудининг баъзи жойларида ёмғир, тоғли ҳудудларда қор ёғади, фақат Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 17—22 метргача кучайиши кутилмоқда. Ёмғир давомида кундузи ҳарорат 8—13 даражагача пасаяди, бу ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан 4—5 даражага пастдир.
Таъкидланишича, 13 ноябрь куни ёмғир фақат Фарғона водийси ҳудудларида кузатилади, қолган ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси 0—5 даража, кундузи 8—13 даража илиқ атрофида бўлади, бу ҳам ўртача кўп йиллик кўрсаткичлар меъёридан паст.