Ўзбекистон бўйлаб барча жоме масжидлари фаолияти қайта йўлга қўйилди (фото)
Ўзбекистондаги барча жоме масжидлари 17 август, душанба куни бомдод намозидан бошлаб ўз фаолиятини бошлади. Мусулмонлар идораси матбуот хизмати республика бўйлаб карантиндан кейинги илк жамоат намози жараёнларидан фотолавҳа тақдим этди.
Таъкидланишича, масжидларда ўзаро масофани сақлаш, ниқобларни тўлиқ тақиш, қўлларига махсус суюқликни суриш, махсус дезинфекцияловчи қурилмадан ўтиш каби карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиниши назорат қилинган.
«Қарийб 5 ойдан ортиқ вақт мобайнида намозхонлар жамоат намозини интиқлик билан кутишган эди. Имом-хатиб, қориларимизнинг бир-биридан ажойиб Қуръон тиловатига соме бўлишди, бамдод намозини жамоат ихлос билан адо этишди», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Наманганда 187 та масжид қайта иш бошлагани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси ҳимоя чораларига амал қилинмаса, карантин такроран кучга киритилиши мумкинлиги бўйича фуқароларга мурожаат йўллаган.