Ўзбекистонда қатор давлат кўчмас мулк объектлари хусусий секторга сотилади

Ўзбекистонда «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» Президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида хабар берилди.

Фармон билан:

  • Трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари рўйхати;
  • Корпоратив бошқарув ва молиявий аудит жорий этиладиган, операцион самарадорлиги ошириладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати;
  • Хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг манзилли дастурлари орқали оммавий савдоларга чиқариладиган давлат активлари рўйхати;
  • Давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиғича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотиладиган корхоналар рўйхати;
  • Хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулки объектлари рўйхати тасдиқланди.

Фармонга кўра, 32 та йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари трансформация қилинади. 15 та давлат кўчмас мулк объектлари хусусий секторга сотилади.

Шунингдек, фармон билан:

  • 274 та давлат улушлари бор корхона;
  • 109 та газета, нашриёт ва журналлар;
  • 26 та ахборот технологиялари корхоналари ва компьютер хизматлари кўрсатиш марказлари;
  • 27 та хусусий сектор ривожланган соҳадаги тиббиёт муассасалари;
  • 12 та ёғ-мой саноати корхоналари;
  • 31 та виночилик тармоғи ва шароб савдо корхоналари тўлиқлигича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотилиши белгиланди.

Таъкидланишича, давлат активларини сотиб олувчилар тўловларни қонунчиликда белгиланган тартибда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти асосида амалга ошириши мумкин.

Аввалроқ Ургутда 3 миллиард сўмга қурилган янги хусусий боғча фаолиятини бошлагани, Андижон шаҳрида қиймати салкам 4,5 миллиард сўм бўлган хусусий боғча фойдаланишга топширилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар