Ургутда 3 млрд сўмга қурилган янги хусусий боғча фаолиятини бошлади (фото)
Самарқанд вилояти Ургут туманида 3 миллиард сўмга қурилган янги хусусий боғча фаолиятини бошлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Хабарга кўра, туманнинг 2-сектор ҳудудидаги «Деҳқонобод» маҳалласида нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган. Тадбирда вилоят ҳокими Эркин Турдимов, туман ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда секторлар раҳбарлари иштирок этган.
Қайд этилишича, замонавий услубда қурилган икки қаватли боғча лойиҳаси ташаббускори Баратов Жамшид томонидан 150 ўринга мўлжалланган муассаса моддий-техник воситалар билан тўлиқ жиҳозланган. Шунингдек, уни қуришга шахсий маблағ ҳисобидан жами 3 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Таъкидланишича, иншоотда фаолият юритадиган 6 та ёш гуруҳидаги болалар учун машғулот ва ўйин хоналари, ошхона, мусиқа зали, услубхона, руҳшунос, жисмоний тарбия йўриқчиси хоналари алоҳида жиҳозланган. Шунингдек, ўйин майдончалари, ихчам айвонлар атрофида болаларнинг севимли мултфилмлари қаҳрамонлари тасвири яратилган.
Бундан аввал Ургутда салкам 3,5 миллиард сўмга қурилган хусусий боғча ва Самарқандда турли хил рангларга бўялаётган уйлар учун 200 миллион сўм сарфланиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ургутда умумий қиймати 512 миллион сўм бўлган боғча ҳамда Тойлоқда умумий қиймати салкам 4,5 миллиард сўм бўлган 2 та мактаб биноси фойдаланишга топширилгани маълум қилинди.