Ўзбекистонда «ŠKODA» брендидаги автомобиллар октябрь ойида тақдим этилади
Жиззах вилоятидаги «Жиззах авто» масъулияти чекланган жамияти 2020 йил октябрь ойида «Volkswagen» концернига тегишли «ŠKODA» брендини тақдим этади. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» AЖ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда «ŠKODA» брендининг илк автомобили 2021 модель йилига мансуб «ŠKODA KODIAQ» тўлиқ ўлчамли йўлтанламаси бўлади. У икки хил комплектацияда тақдим этилади: беш ўриндиқли «Ambition» ва етти ўриндиқли «Style». Маҳаллий бозор учун ушбу модель сиғими 2 литрлик, қуввати 180 от кучига эга бўлган турбо двигатель, етти босқичли роботлаштирилган, сўнгги авлод DSG қутиси, тўлиқ узатма ва панорама люк билан тақдим этилади.
«Ўзбекистон автомобиль саноатининг монобренд парадигмасидан жадал четланиши, шунингдек, буни бозор омиллари тақозо қилганлиги яхши янгилик саналади. Aмалда ҳозирнинг ўзида харидорларимиз бир неча глобал брендлардан бирини танлашлари мумкин. Сифат ва хавфсизлик юзасидан ўзларини дунёда намоён эта олган ишлаб чиқарувчиларнинг мавжудлиги бутун тармоқ учун фақат фойда келтиради. ‘ŠKODA’нинг дебют модели хавфсизлик соҳасида экспертларнинг максимал баҳосини олган: ‘European New Car Assessment Programme’ мустақил синовлар натижаларига кўра, ушбу йўлтанламасга энг юқори рейтинг — беш юлдуз берилган», — дейди «Ўзавтосаноат» AЖ бошқаруви раисининг ўринбосари Сардор Тожиев.
Таъкидланишича, дилерлик тизими ва сервис кўрсатиш жараёнларига алоҳида эътибор бериш режалаштирилган. Шунинг учун Тошкент шаҳрида иккита «ŠKODA» дилерлик маркази очилишига тайёргарлик кўрилмоқда, Қўқонда эса яна бир дилерлик марказининг қурилиш ишлари якунланмоқда. Aвтомобиллар нархлари октябрь ойида эълон қилинади. Дастлабки автомобилларнинг етказиб берилиши жорий йилнинг ноябрь ойида амалга оширилиши режалаштирилган.
Аввалроқ Жиззахда ноябрдан «KIA» автомобилларининг янги моделлари ишлаб чиқарилиши ҳақида хабар берилганди. Шунигдек, Наманганда «Changan» бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқарилиши хабар қилинган.