Ўзбекистонда суғуртасиз автомобиллар жарима майдонига қўйилмайди
Ўзбекистонда суғуртасиз автомобиллар жарима майдонига қўйилмайди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида маълум қилинди.
Таъкидланишича, Президентнинг «Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни 29 сентябрдан кучга кирган.
Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддаси — Транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартибига ўзгартиш киритилган.
Унга кўра, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлиги, шунингдек суғурта полисининг ҳайдовчи ёнида бўлмаслиги транспорт воситаларини ушлаб туришга асос бўлмайди.
Шунингдек, Меҳнат кодексига киритилган ўзгаришларга асосан 16 ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш вақтида ундан турар жойидан маълумотнома талаб қилиниши бекор қилинди.
Аввалроқ Ўзбекистонда мансабдорларнинг хизмат машиналарига GPS ўрнатилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.