Ўзбекистонда тиббиёт ходимларига 336,3 млрд сўм қўшимча рағбатлантириш пуллари тўлаб берилди

Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий марказларига коронавируснинг тарқалишини олдини олиш тадбирлари учун жами 1 124,4 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Шундан тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимларнинг 97 372 нафарига 336,3 миллиард сўм қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўланди.

Хусусан, ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлари жами 77 294 нафар ходимга 122,7 миллиард сўм, шундан 20 739 нафар врачга 48,4 миллиард сўм, 35 162 нафар ўрта тиббиёт ходимига 48,4 миллиард сўм, 9 769 нафар кичик тиббиёт ходимга 11 миллиард сўм ва 11 624 нафар бошқа ходимларга 13,6 миллиард сўм тўлаб берилди.

14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўловлари бўйича жами 8 607 нафар ходимга 193,6 миллиард сўм, шундан 2 650 нафар врачга (ҳар бирига 25 миллион сўмдан) 95,1 миллиард сўм, 3218 ўрта тиббиёт ходимига 68,3 миллиард сўм, 1 539 нафар кичик тиббиёт ходимга 21,8 миллиард сўм ва 1 200 нафар бошқа ходимларга 8,4 миллиард сўм тўлаб берилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий марказлари ходимларининг лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланадиган қўшимча тўловлар миқдорини тегишлича 15 фоиздан 50 фоизга ҳамда 40 фоиздан 75 фоизга ошириш ва меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентини 5 фоизга ошириш ҳисобига 11 471 нафар ходимга 19,9 миллиард сўм тўланди.

Аввалроқ Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан жами қанча маблағ сарфлангани маълум қилинган эди.

Янгиликлар