Ўзбекистонда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жарима камайтирилиши мумкин

Ўзбекистонда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жарима камайтирилиши кутилмоқда. Бу ҳақда 12 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «ЎзЛиДеП» фракциясининг видеоконференц алоқа тарзидаги навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, йиғилишда дастлаб «Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазолар енгиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилган.

Ўтказилган таҳлиллар натижасида ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларида, ҳайдовчилар томонидан тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши, аксарият ҳолларда автотранспорт эгаси ўз бошқарувидаги транспорт воситасини тўхтатишга мажбур бўлган жойларда транспорт воситаларини вақтинча тўхташи учун шарт-шароитлар яратилмаганидан ва бундай жойларда тақиқловчи белгилар мавжудлигидан содир этилаётгани аён бўлган.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, кодекснинг 54, 123, 141, 147-моддаларида назарда тутилган «энг кам» ва «энг кўп» миқдорда белгиланган жарималарнинг энг кам даражаси сақланиб, энг кўп даражаси чиқариб ташланмоқда.

Шунингдек, кодекснинг 1286-моддада белгиланган Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори камайтирилиб, такроран содир этилган қоидабузарликлар учун жарима қўллаш нормалари чиқарилмоқда.

Йиғилиш иштирокчилари тадбир якунида ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши келгусида йўл транспорт соҳасидаги қоидабузарлик учун жарималар белгилашда коррупцион ҳолатлар содир этилишини олдини олишга хизмат қилишини айтиб, қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Янгиликлар