Ўзбекистонда ёшлар учун «Илҳом» мукофоти таъсис этилди. Ғолибга «Spark» берилади

Ўзбекистон ҳукуматининг 24 августдаги қарори билан «Илҳом» мукофоти таъсис этилди.

Фото: «Zira.uz»

Мукофот шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳамда фаолият юритаётган ёшларга берилади.

Танловда республикадаги барча ОТМ иштирок этиши мумкин. Танлов икки – дастлабки саралаш ва асосий танлов босқичларида ўтказилади. Дастлабки саралаш босқичида номзодлар ОТМ миқёсида тест саволлари орқали сараланади.

Тест саволлари ўзбек миллий адабиётига доир 50 та саволдан иборат бўлади. Тест натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган 3 нафар номзод ОТМ ректорининг тақдимномаси асосида кейинги босқичда иштирок этиши мумкин.

Танлов ғолиблари қуйидагича тақдирланади:

  • 1-ўрин учун –  «Spark» автомобили, махсус диплом ва статуэтка;
  • 2-ўрин учун – 30 миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка;
  • 3-ўрин учун – 15 миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка.

Мукофот билан тақдирлаш ҳар йили Адиблар хиёбони очилган кун 20 майда «Катта адабиёт байрами» ҳафталиги доирасида амалга оширилади.

Аввалроқ Пахтачида видеороликлар танловида ғолиб бўлган ўқувчи 30 миллион сўм пул мукофотига эга бўлгани, андижонлик мактаб ўқувчиси 1,5 минг долларлик дастурлаш курсига грант ютиб олгани ҳамда бухоролик мактаб ўқувчиси яратган дастурлар таълим тизимига татбиқ этилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар