Поп туманида 100 нафар ёшга 30 сотихдан ер берилди (фото)
Наманган вилояти Поп туманида 100 нафар ёшга ўрмон хўжалигининг бўш турган ерлари берилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда ёшлар бандлигини таъминлаш, ёш оилаларга ер ажратиш бўйича Поп туманида бир қатор ишлар амалга оширилаётгани қайд этилган. Хусусан, Наманган вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси ва Поп туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда 100 нафар ёшга 30 сотихдан ер берилди.
Хабарда айтилишича, уларга ерга эгалик қилиш бўйича вилоят ҳокимининг сертификатлари ҳам топширилган. Шунингдек, ушбу ерлар ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз ёшларга 49 йилга бепул берилиши, ўрмон хўжалиги вилоят бошқармаси томонидан ҳудуд шароитига қараб наъматак кўчатлари экиб берилиши маълум қилинган.
Аввалроқ Булунғурдаги 281 нафар ишсиз ёшга 132 гектар экин майдони ажратилгани, Ғиждувонда 85 та иссиқхона қуришга 1,75 миллиард сўм кредит ажратилгани хабар қилинган эди.