Янгийўлда бино ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига пора олаётган Кадастр ходими қўлга олинди
Кадастр агентлигининг Янгийўл тумани бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчиси тадбиркордан пора олаётганда ушланган. Бу ҳақда Прокуратура департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Кадастр агентлигининг Тошкент вилояти Янгийўл туман бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи С.Ж. «Р.М.» МЧЖ томонидан қурилган «Автомобилларга газ тўлдириш компрессор» шохобча биносининг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериши эвазига, жамият раҳбаридан 10 тонна цемент олиб беришни талаб қилиб, цементни бозор нархида ўртача 10 миллион сўмга ҳисоблаб, дастлаб «Cobalt» русумли автотранспорт воситаси учун аккумулятор ҳамда 500 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан С.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.