Қўқон шаҳар ХТБ ходимларида коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабар рад этилди

Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси Қўқон шаҳри Халқ таълими бўлими ходимлари коронавирусга чалинганини рад этди.

Фото: «Tez News»

Ижтимоий тармоқларда «Фарғона вилояти Қўқон шаҳридан ёзмоқдамиз. Шаҳар халқ таълими бўлимида 10 дан ортиқ ходим коронавирус билан оғриб, даволанаётган бир вақтда ХТБ дезинфекция ишларини амалга оширмаяпти. Ишчи-ходимларнинг соғлиғи ҳақида ҳеч ким қайғурмаяпти. Балки бўлим ходимларини вақтинча онлайн режимга ўтказиш керакмикан? СЭС деган ташкилот ҳам кўчада ниқоб тақмаганларга жарима солиш билан овора. Мутасадди ташкилотлар, хусусан, халқ таълими вазири ва вилоят бошқарма бошлиғи масалага эътибор қаратса яхши бўларди», деган хабар тарқаган. Вилоят халқ таълими бошқармаси ушбу ҳолатни ўрганди ва муносабат билдирди.

Мазкур хабар ўрганилганда Қўқон шаҳар xалқ таълими бўлими Озодлик хиёбони кўчасида жойлашган бўлиб, марказий ичимлик ва оқова сув тармоғига улангани маълум қилинган.

«Бўлим кириш қисмига дез-тўшама, антисептик воситалар ташкил этилган, xодимлар ва ташриф буюрувчилар тана ҳароратини масофадан ўлчаш учун пирометр мавжуд. Қўлларни зарарсизлантириш учун кириш қисми ҳамда бинонинг барча қаватларида дозаторлар ўрнатилган. Бўлим биноси ҳар куни уч маҳал пуркагувчи мослама орқали дезинфекция қилинади», дейилади муносабатда.

Шунингдек, бўлимга ташриф буюрувчи фуқароларни қайд этиш журнали мавжудлиги, бўлимга келганларнинг тана ҳарорати ўлчаб, қайд этиб борилгани маълум қилинган. Ўрганиш пайтида бўлимда зарарсизлантирувчи воситалар билан тозалов ишларини ўтказиш учун 2 килограмм Жавел ДБТ, 0,5 килограмм мегаxлор активнинг заxираси борлиги аён бўлган.

Муносабатда яна шаҳар халқ таълими бўлимининг барча xодимлари 2020 йилнинг 14—15 сентябрь кунлари СОVID-19’га тест топширигани, xодимларнинг тест натижалари манфий чиққани айтилган.

«Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойи давомида шаҳар халқ таълими бўлимининг 8 нафар xодими касаллик варақасида бўлган, 2020 йил 2 октябрь ҳолатига 5 нафар xодим соғайиб, ишга қайтган. Яна 3 нафар xодим даволаниш жараёнида. Ушбу xодимлар шамоллаш касаллигининг турли кўринишлари билан оғриганлари тўғрисида шифокорлар тегишли хулосалар берган. Яъни уларнинг касаллик варақалари мавжуд. Иш жараёнида бўлим xодимлари тиббий ниқоб таққан, ижтимоий масофага риоя этган ҳолатда иш фаолиятини олиб бормоқда», дейилади расмий муносабатда.

Аввалроқ Наманганда карантин қоидаси бузилган дорихоналардаги ходимларга маъмурий баённома тузилгани, Жиззахдаги даволаш марказида беморларга тушлик берилмаётгани айтилган видео юзасидан ўрганиш ишлари бошлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар