Наманганда карантин қоидаси бузилган дорихоналардаги ходимларга маъмурий баённома тузилди

Наманган вилоятида карантин қоидалари қўпол равишда бузилган дорихона ходимларига маъмурий баённома тузилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Хабарга кўра, Наманган вилоятида аҳолига хизмат кўрсатаётган айрим дорихоналарда карантин қоидалари қўпол равишда бузилаётганлиги аниқланган. Оралиқ масофа сақлаш, харидорларнинг тана ҳароратини ўлчаш тартиби умуман жорий этилмаган дорихонада тиббиёт қўлқопсиз, фуқаролар соғлиғига жиддий хавф солиб хизмат кўрсатаётган дорихона ходимларига нисбатан маъмурий баённома тузилган.

Фото: ЎзА

Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан вилоят ҳудудидаги бозорлар ва савдо дўконлари, аҳоли гавжум бўлган масканлар ўрганилган. Санитария талабларига жавоб бермайдиган айрим субъектларга тегишли тартибда чоралар кўрилган.

Ишчи гуруҳ томонидан мактабларда яратилган шароитлар ўрганилганда шаҳарда мактаблар, хусусан, 63-умумтаълим мактаби карантин қоидаларига тўлақонли амал қилган ҳолда фаолият юритаётгани маълум бўлган.

Фото: ЎзА

Бундан ташқари, карантин чекловлари юмшатилганидан сўнг тўй ва маъросимлар ўтказишга рухсат берилган бўлса-да, ушбу тадбирлар белгиланган тартибда ўтказилиши лозимлиги борасида маҳаллаларда доимий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида айрим тунги клуб ва бар раҳбарларига маъмурий баённома тузилгани, Самарқанд шаҳрида ўтказилган рейдда бир кунда 32 дона пичоқни бемақсад олиб юриш ҳолати аниқлангани ҳамда Ўзбекистонда ўтказилган рейдларда 6 кун давомида қанча қоидабузарлик аниқлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар