Қўқонда ИИБ ходимини автомашинасида «сайр қилдирган» шахс 1,5 йилга қамалди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида ИИБ ходимини жароҳатлаган шахс 1 йил 6 ойга қамалди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, муқаддам икки марта судланган Х.И. 8 феврал куни соат 15:30 да Қўқон шаҳар Форобий кўчасида бошқарувида бўлган «Nexia-2» русумли автомашинасини тақиқланган йўл белгиси остига қўйган. Ҳудудда хизмат олиб бораётган Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими йўл-патруль хизмати 3-отряд 2-сафарбарлик гуруҳи инспектори Ў. Қўзиев автомашинага тегишли ва бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини тақдим этишини сўраганда унинг хизмат вазифасига қаршилик кўрсатган ва автомашинада ҳаракатини давом эттирган.

Ў. Қўзиев автомашинанинг олд томонига ётиб қолишига қарамасдан, соатига 20-30 километр тезликда уни судраб бориб, ушбу йўлда кетаётган «Hafei» русумли 50 T 093 HA давлат белгили кичик юк автомашинасининг чап орқа қисмига урилган. ЙПХ инспектори Ў. Қўзиев капот устидан жароҳат олиб, ерга йиқилган. Х.И. Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ўрганиб, Х.И.нинг илгари ҳам қасддан жиноят содир этгани ва қасддан яна жиноят содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топган. Суд Х.И.нинг қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 60, 61-моддаларига асосан 1 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган ҳамда тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташини белгилаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2 ярим ёшли болани уриб ўлдирган Миллий гвардия ходими 19 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинчалик Самарқандда хотинининг юзини ёқиб юборган эр 6 йилга қамалгани маълум қилинди.

Янгиликлар