Қорақалпоғистонда бир кунда 10 га яқин оилавий уй меҳмонхоналари очилди (фото)
Қорақалпоғистонда бир кунда 10 га яқин оилавий уй меҳмонхоналари очилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Малъум қилинишича, Элликқалъа туманининг «Гулдурсин», «Саҳтиён» МФЙлари ҳамда Чимбой туманининг «Темир жол гузар» МФЙсида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, маҳаллий ҳокимлик, туман давлат хизматлари маркази, туман солиқ инспекцияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ 10 нафарга яқин оилавий меҳмон уйлари эгаларини якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказган.
Қайд этилишича, ушбу 10 га яқин оилавий меҳмонхона уйлари оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритилган ҳамда уларга тегишли гувоҳномалар топширилган.
Маҳаллаларда яшовчи оилавий меҳмон уй эгалари ўз меҳмон уйларида сайёҳларни қонуний тартибда қабул қилишлари мумкин.
Маълумот учун, ушбу ишлар Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 13 августдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини яна-да ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги «Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 15 августдан меҳмонхоналар фаолияти тикланиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бўстонлиқда умумий қиймати 50 миллиард сўм бўлган меҳмонхона очилгани маълум қилинди.