Қўрғонтепада «Damas» ва юк автомашинаси тўқнашиши оқибатида вояга етмаган бола вафот этди

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида «Damas» ва юк автомашинаси тўқнашиши оқибатида вояга етмаган бола вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 22 сентябрь, сешанба куни соат 15:30 ларда фуқаро М.А «Damas» автомашинасини Қўрғонтепа тумани «Тадбиркор» МФЙ ўрамидан ўтган Савай—Қўрғонтепа автомобиль йўлининг Қўрғонтепа йўналиши бўйича ҳайдаб кетаётган вақтида бошқарувни йўқотган. Сўнгра қарама-қарши йўналишда келаётган фуқаро А.А.нинг «Зил 130» юк автомашинасига бориб урилган. Оқибатда «Damas» автомобилининг салонида бўлган вояга етмаган фуқаро О.К. воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Жалақудуқда «Nexia» ва «Damas» тўқнашиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлгани ва Нарпайда «Epica» каналга тушиб кетиши оқибатида ҳайдовчи вафот этгани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Қамчиқ довонида юк машинаси хандаққа тушиб кетгани ҳамда Мингбулоқда 3 та автомашина иштирокида ЙТҲ содир бўлгани маълум қилинди.

Янгиликлар