Қозоғистонда ўтган бир суткада 150 киши коронавирусга чалинди, Россияда касалликдан вафот этганлар сони 17 мингдан ошди
Қозоғистонда 29 август маҳаллий вақт билан соат 13:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 105 558 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 95 888 нафари тўлиқ соғайган, 1523 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир суткада 150 киши касалликка чалинган.
Aввалроқ Оқмўла вилояти ҳокими ҳудуддаги шифохоналарга 5 та тез тиббий ёрдам машинасини совға қилгани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, ушбу автомобиллар мамлакат конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан тақдим этилган.
Қирғизистон
Қирғизистонда 29 август маҳаллий вақт билан соат 13:30 ҳолатига кўра, 43 712 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 37 973 нафари соғайиб, 1058 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 5778 киши коронавирусдан даволанмоқда. Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан касалланганлар сони 125 кишига кўпайган.
Aввалроқ Қирғизистонда сўнгги бир суткада 2 нафар тиббиёт ходими COVID-19 юқтириб олгани хабар қилинганди. Мамлакатда жами 3116 шифокор коронавирусга чалинган.
Тожикистон
Тожикистонда 29 август маҳаллий вақт билан соат 13:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 8481 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 7276 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 68 нафари вафот этган. Ҳозирда 1135 нафар бемор коронавирусдан даволанмоқда.
Aввалроқ Тожикистонда ўтган бир суткада 32 кишида коронавирус аниқлангани хабар қилинганди. Aйни пайтда 1000 нафардан ошиқ бемор уйида даволанмоқда.
Туркманистон
Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Aйни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган. Aввалроқ Туркия ҳукумати Туркманистонга инсонпарварлик ёрдами юбориши ҳақида хабар берилганди.
«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, гуманитар ёрдам таркибидан 20 та ўпкани сунъий шамоллатиш аппарати, 500 мингта тиббий ниқоб, 10 мингта комбинезон 10 минг қути дори-дармон ўрин олган.
Россия
Россияда 28 август маҳаллий вақт билан соат 13:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 985 3466 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистондан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 804 383 нафари соғайган, 17 025 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 4941 та янги ҳолат аниқланган.
«РИA Новости» нашрига кўра, сўнгги бир суткада Москва шаҳрида 677, Санкт-Петербургда 189 ва Москва вилоятида 163 киши коронавирус юқтириб олган.