Қозоғистонда ўтказилган «Ёш тадқиқотчи» халқаро танловида фарғоналик ўқитувчи ғолиб бўлди

Фарғона вилояти Бағдод туманида яшовчи ўқитувчи Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳрида ўтказилган «Ёш тадқиқотчи» халқаро танловида ғолиб бўлди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Нурсултон шаҳрида МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган «Ёш тадқиқотчи» халқаро танловида Бағдод тумани 8-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Равшанжон Aбдуллаев фахрли 1-ўринни эгаллаган ва 1-даражали диплом ҳамда олтин медал билан тақдирланган.

Қайд этилишича, лойиҳа доирасида МДҲ мамлакатлари олий таълим муассасаларининг қобилиятли, халқаро олимпиада ва танловларнинг ғолиблари бўлган талабаларнинг ютуқларини акс эттирувчи «Халқаро иқтидорли ёшлар энциклопедияси» нашрдан чиққан.

Маълумот учун, ушбу лойиҳанинг асосий мақсади МДҲ давлатларининг олий таълим муассасалари талабаларини қўллаб-қувватлаш, илм-фан, техника ривожланишига ҳисса қўшаётган ёшларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода ўқитувчи «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида 8 та сертификатни қўлга киритгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Қўқондаги мактаб директори «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи» фахрий унвони билан тақдирлангани маъум қилинди.

Янгиликлар