Самарқанд шаҳрида 43 нафар тадбиркор ҳамда ташкилотлар вакилларига «Меҳр-саховат» кўкрак нишони берилди (фото)
Самарқанд шаҳридаги 43 нафар тадбиркор ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларига «Меҳр-саховат» кўкрак нишонлари топширилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Президентнинг 26 августдаги фармонига кўра Самарқанд шаҳрида «Меҳр-саховат» кўкрак нишонига муносиб кўрилган 43 нафар тадбиркор ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларига ҳокимлик биносида мукофотлар тантанали равишда топширилди.
«Дунё бўйлаб кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда беғараз ҳомийлик ёрдамингиз ҳамда эзгу ишларингиз билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлаётганингиздан миннатдорман. Бугун бундай кўкрак нишонлари ҳақиқий муносибларга берилди. Сизнинг хизматингиз ҳар қандай мукофотга лойиқ ва бунинг учун сизларга раҳмат деб қоламиз», — деди Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облақулов.
Aввалроқ Aндижонда 20 нафар Миллий гвардия ходими «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан мукофотлангани ҳақида хабар берилганди.