Самарқандда 20 турдаги ҳайвонларга эга янги зоопарк фаолиятини бошлади

Самарқанддаги «Зарафшон» миллий боғида 20 турдаги ҳайвонларга эга янги ҳайвонот боғи фаолиятини бошлади. Бу ҳақда вилоят туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати

Хабарга кўра, ушбу ҳайвонот боғи экотуризмни ривожлантириш, флора ва фаунага қизиқувчи сайёҳлар учун экойўналиш ташкил этиш мақсадида очилди. Шунингдек, «Зарафшон» миллий боғи янги турдаги ҳайвонотлар билан тўлдирилган.

Фото: Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур боғда 20 турдаги ҳайвонлар мавжуд. Ушбу масканда айиқ, бўри, йўлбарс, турли илонлар, туя, маймун ва бошқа ҳайвонларни кўриш мумкин. Шунингдек, яқин кунларда бунга қўшимча янги турдаги ҳайвонларни олиб келиш режалаштирилган.

Фото: Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати

Таъкидланишича, ҳайвонот боғи санитария-гигиена талабларига мувофиқ фаолият юритади. Ҳайвонот боғига соат 09:00 дан 18:00 гача ташриф буюриш мумкин.

Аввалроқ Бўстонлиқда умумий қиймати 50 миллиард сўм бўлган меҳмонхона, Бухорода инновацион туризм маркази очилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Россиянинг технологик компанияларидан бири Наманганда туризм соҳаси учун сунъий интеллект жорий этиши маълум қилинганди.

Янгиликлар