Самарқандда ўтган 7 ой давомида хориждан 52,3 миллион долларлик дори воситалари олиб келингани маълум қилинди
Самарқанд вилоятида ўтган 7 ойда 52,3 миллион AҚШ долларлик дори воситалари хориждан импорт қилинди. Бу ҳақида вилоят Божхона бошқармаси «Tez News»га хабар берди.
Қайд этилишича, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан 2020 йилнинг ўтган 7 ойи давомида қиймати 52,3 миллион AҚШ долларлик, оғирлиги 2400 тонна дори воситалари хориждан импорт қилинган.
Самарқанд божхона бошқармаси томонидан дори воситалари ҳамда тиббий буюмларга амалдаги қонунчилик меъёрларига мувофиқ, 72,2 миллард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган. Мазкур товарлар божхона органлари фаолиятига жорий қилинган «Хавфни бошқариш тизими» орқали асосан «яшил» йўлакларда расмийлаштирилган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан Самарқандга сўнгги 10 кун давомида 168 дона кислород концентраторлари, 25 000 дона пулс оксиметрлар хориждан келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус беморларини даволашда қўлланиладиган тиббий буюм, техника ва дори воситалари рўйхатига ўзгартириш киритилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусни даволашда ишлатилаётган «Гидроксихлорохин» дорисининг ўлим хавфини ошириши тан олинган эди. Шунингдек, мутахассис коронавирусда осма укол зарарли экани ва ўлимга олиб келиши мумкинлигини айтган эди.