Самарқандда фуқароларни қарийб 787 млн сўмга чув туширган агентлик мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Самарқанд шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан «Consort xususiy bandlik agentligi» МЧЖ директори М.О. ва бошқаларга Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақида «Tez News»га ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Тергов департаменти матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, М.О. 2018 йил декабрь ойидан 2019 йил декабрь ойига қадар Самарқанд шаҳрида фаолият юритадиган «Consort xususiy bandlik agentligi» МЧЖни ташкил қилиб, таниши О.З. билан бир гуруҳ бўлиб, чет элга чиқишни истаган фуқароларни қабул қилиб келган. Уларга Япония, Германия ва бошқа чет эл давлатларига юборишни ваъда қилиб, жуда кўп миқдордаги пулларини қўлга киритган.

Жиноят иши бўйича М.О. ва О.З.лар Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «б» банди билан гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, сўроқ қилинган.

Жиноят иши доирасида жами 95 нафар фуқаро ариза билан мурожаат қилган бўлиб, шулардан 84 нафар фуқаро сўроқ қилиниб, жабрланувчи деб эътироф этилган. Қолган 11 нафар фуқаро республиканинг турли вилоятларида яшаб келаётганлиги сабабли карантин даврида уларни сўроқ қилиш имконияти бўлмаган.

Жиноят иши бўйича фуқароларга етказилган моддий зарар миқдори 786 948 000 сўмни ташкил қилиб, ҳозирги вақтда 366 миллион сўми тергов давомида қопланган. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Aввалроқ фуқароларнинг 5 миллиард сўмдан ортиқ пулини талон-торож қилган «International Job Organization – xususiy bandlik agentligi» мансабдорларига жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар