Нарпайда газ тармоғига ноқонуний уланган «тадбиркор»дан салкам 156 млн сўм ундирилади
Самарқанд вилояти Нарпай туманида табиий газ тармоғига ноқонуний уланган «тадбиркор»дан 155 400 000 сўм ундирилади. Бу ҳақда «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали ишчи гуруҳи Самарқанд вилояти Нарпай туман ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари олиб борган. Натижада, Нарпай тумани «Муқимий» маҳалласи ҳудудида жойлашган Умиров Улуғбек Мусақуловичга тегишли 2 дона оҳак ишлаб чиқариш печларида табиий газдан фойдаланиш қоидалари бузилиб, ноқонуний равишда тармоққа уланиб олганлиги аниқланган.
Маълумотларга кўра, табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг 125-бандига мувофиқ, истеъмолчилар томонидан газлаштириш учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирмасдан газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган тақдирда, ушбу хатти ҳаракатларни содир этганлардан фойдаланилган газ ҳажми қиймати газдан фойдаланиш ускунасининг суткасига 24 соатида тўлиқ қувват билан ишлаши ҳисобидан келиб чиққан ҳолда ундирилиши белгиланган.
У.М.Умировга тегишли бўлган қўлбола оҳак ишлаб чиқариш печларида 10 дона газ горелкаси ўрнатилган. Ушбу горелкалар галма-гал печларга ўрнатилиб, оҳак ишлаб чиқаришга мослаштирилган.
Оҳак ишлаб чиқариш мавсумий бўлганлиги, мавсум эса йилнинг апрель-октябрь ойлари деб белгиланган. Ҳар бир газ горелкасининг соатлик газ сарфи 3,5 метр кубга тенглаштирилганда тадбиркор газ таъминот идорасига 155 400 000 сўм тўлаб бериши лозим бўлади. Ишчи гуруҳи ушбу масалани кўриб чиқиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун ўрганилган материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширган.
Суриштирув давомида ушбу ҳолат бўйича қўшмчалар аниқланганда, суриштирувчининг хатига асосан тўлов суммаси қайта кўриб чиқилади.
Аввалроқ Самарқандда истеъмолчиларнинг газ учун тўлаган пулларини талон-торож қилган хусусий корхона аниқланганди. Шунингдек, Марғилонда ёрилган қувур таъмирланиб, 740 та хонадонда табиий газ таъминоти қайта тиклан.