Самарқандда хотинини чопиб ташлаб, уйини ёқиб юборган эркак ўз жонига қасд қилди
Самарқанд вилоятида хотинини чопиб ташлаб, уйини ёқиб юборган эркак ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати маълумотларига таяниб, «Zarnews» хабар берди.
Маълумотларга кўра, 8 августга ўтар кечаси соат 02:00 ларда Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин хавфсизлиги бошқармасига Самарқанд шаҳри «Хўжасоат» маҳалласида ёнғин чиққанлиги ҳақида хабар берилган. Воқеа жойига етиб борган ўт ўчириш гуруҳи алангани сўндиргандан кейин ҳовлидан тан жароҳатлари олган аёл кишининг мурдаси топилган. Бу ҳақда соат 04:30 ларда тезкор-тергов гуруҳига хабар берилган.
Воқеа жойига вилоят прокурори, вилоят прокурор ўринбосари, вилоят ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари ва бошқа тергов-тезкор гуруҳи аъзолари етиб борган.
Тезкор-тергов гуруҳи томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилган. Хонадондан бошининг юқори қисмидан 4 та ва ўнг қўл билак-тирсак қисмидан 1 та санчилиб-кесилган, суяк соҳалари парчаланган хонадон эгаси Д.М.нинг ялонғоч ҳолатдаги мурдаси топилган.
Шунингдек, ҳовлидаги қуриб битказилмаган ҳожатхонанинг ичкарисида ерга ётқизилган темир бочка ичида фуқаро М.М. иккала қўллари билагининг юқори томонидан кесилган, кийимлари ва танаси қон билан беланган, ўнг қўли бош бармоғи билан кўрсаткич бармоғи орасида лезвия ушлаган, ҳушсиз ҳолда топилган. Эркак шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Олиб борилган терговга қадар текшириш давомида, М.М. олдиндан давом этиб келган оилавий низо оқибатида турмуш ўртоғи Д.М.ни қасддан ўлдирганлиги аниқланди.
У содир этган жиноят изларини яшириш мақсадида елим идишда бўлган бензин ёқилғисини хоналарнинг ички ва ташқи томонларига сепиб, ўт қўйиб юборган. Шундан сўнг жиноят қуроли ҳисобланган чопқини ҳовли тўридаги ўтинлар орасига яширган. Ўзи лезвия билан иккала қўл-билак соҳаларини кесиб, бўйин ва қорин қисмини тилиб, жонига қасд қилган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан М.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Аввалроқ Бухорода қайнатасининг фоҳишаликда айблаб, доимий зулмларига чидолмаган келин устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юбориши оқибатида вафот этгани, Шаҳрисабзлик эркак оилавий жанжал сабаб ўзи, 3 нафар фарзанди ва аёлини ёқиб юборгани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, Тошкентдаги ГЭСда саёҳат чамадони ичидан эркак жасади топилгани маълум қилинганди.